Тошкентдаги синагога деворига номаълум шахслар “Free Gaza” ва “Free Palestina” деган жумлаларни ёзиб кетди. Бу ҳақда AZfront телеграм канали ўз манбаларига таянган ҳолда хабар берди. Бу борада ҳозирча расмий Тошкент муносабат билдирмади.
Октябрнинг охирларида AZfront Исроилнинг диаспоралар бўйича вазирлигининг ички ҳужжатига таянган ҳолда, Тошкентда яҳудийларнинг «Хабад» халқаро диний ташкилоти аъзоси бўлган икки киши ҳужумга учрагани ҳақида хабар берган эди.
Ўзбекистон ҳукумати бу хабарларни расман тасдиқлаган ёки инкор этган эмас. Маълумотда айтилишича, яҳудийлар жамоаси бу каби ҳодисаларни ошкор қилишдан қўрқмоқда, аммо маҳаллий ҳокимиятлар ва яҳудий ташкилотларни хабардор қилмоқда.
Хабарда айтилишича, Исроил томони «Хабад» аъзоларига ҳужум қилингани тўғрисида Ўзбекистон ҳукуматини огоҳлантирган. Расмий Тошкент эса синагогалар ва яҳудийларга оид бошқа объектлар Миллий гвардия ва ички ишлар органлари томонидан қўриқланаётганини билдирган.
Озодлик аввалроқ БМТнинг фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги гуманитар миссияга ёрдам сифатида 1,5 миллион доллар ажратгани учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорчилик билдиргани ҳақида ёзган эди. Агентликнинг 13 ноябрда маълум қилишича, Ўзбекистон бу маблағни 2 ноябрда тақдим этган.
31 октябрь куни ўтган ҳукумат мажлисида Мирзиёев Ўзбекистон Фаластин халқига ва унинг мустақилликка бўлган ҳуқуқига “кучли хайрихоҳ” эканини ва БМТнинг ҳудуддаги гуманитар миссиясига ёрдам бериш учун 1,5 миллион доллар ажратилишини билдирганди.
У Ҳамас ва Исроил ўртасида уруш бошлангандан буён “бегуноҳ ва тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлаётгани”ни таъкидлаганди. ҲАМАС АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилот деб тан олинган.
Озодлик 7 ноябрда Ўзбекистондаги Исроил элчихонаси, синагогалар ва яҳудийларга тегишли бошқа муассасалар атрофида хавфсизлик чоралари кучайтирилгани тўғрисида хабар берган.
Яҳудий ибодатхоналари атрофини Ўзбекистон Миллий гвардияси ходимлари туну-кун қўриқламоқда. Қўқондаги яҳудий қабристони атрофига ҳам милиция постлари қўйилган.
Расмий маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистонда 10 та синагога мавжуд. Шулардан учтаси Тошкентда, Самарқанд ва Бухорода иккитадан, қолгани Қўқон, Фарғона, Марғилон ва Андижонда жойлашган.