Хоразмдаги етимхона қизларига нисбатан жинсий зўравонлик юзасидан очилган шов-шувли иш бўйича Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди томонидан 2023 йилнинг 3 ноябрь куни уч йил озодликдан маҳрум қилинган Адлия вазирлигининг собиқ ходимлари А.М., ва А.К., жазо муддатини қамоқда эмас, манзил қолонияда ўтамоқда.
Бу ҳақда маълум қилган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов бу ҳолатни “жамоатчиликни алдаш” сифатида баҳолади.
“Яъни, педофиллар жазони ўташ учун қамоққа эмас, манзил колонияга юборилган экан. Боз устига уларнинг дастлабки суддан бери уйларида ўтказган вақтлари жазо муддатидан чегириб ташланган экан.
Қозиларимиз шу қадар айёр эканки, жамоатчиликни "педофиллар узил-кесил 3 йил қамоқда ўтиради" деган гапга ишонтиришган экан. Аслида эса улар бор-йўғи 2 йилдан кўпроқ манзил колонияда ўтиришади, у ердаги барча шарт-шароитлардан фойдаланишади.
Биз бекорга шунча бақир-чақир қилибмиз”, деб фикр билдирган Ташанов.
Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати ҳуқуқ фаолининг бу баёнотига муносабат билдирар экан, А. М., ва А. К., лар “ижтимоий хавфи катта бўлмаган” жиноятни содир этгани ортидан жазо муддатини қамоқда эмас, манзил колонияда ўтаётганини билдирган.
“А. М. ва А. К. жиноят содир қилган вақтда амалда бўлган Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисмида 3 йилгача, 128-1-моддасида 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган бўлиб, Жиноят кодексининг 15-моддасига кўра ҳар икки жиноят ҳам ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар таснифига кирган.
Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 11 апрелдаги “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан ушбу моддаларнинг санкцияси оғирлаштирилган бўлса-да, Жиноят кодексининг 13-моддасига кўра қилмишнинг жазога сазоворлиги жиноят содир этилган вақтда амалда бўлган қонун билан белгиланади, шунингдек, қилмишнинг жиноийлиги ва жазога сазоворлиги ана шу қилмиш содир этилган вақтда амалда бўлган қонун билан белгиланиши, қилмишни жиноят деб ҳисоблайдиган, жазони кучайтирадиган ёки шахснинг ҳолатини бошқача тарзда ёмонлаштирадиган қонун орқага қайтиш кучига эга эмас.
Шу сабабли, А. М. ва А. К.га жиноят содир этилган вақтда амалда бўлган Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисми ва 128-1-моддаси санкцияси доирасида жазо тайинланган.
Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 50-моддасида ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этганлик учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинаётганларга эркакларга нисбатан жазони манзил-колонияларда белгиланиши назарда тутилган.
Шу сабабли, А. М. ва А. К.га тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазоси манзил-колонияларда ўтаттирилиши белгиланган”, дейилади Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати муносабатида.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг апелляция судлов ҳайъати 3 ноябрда Хоразм вилояти Адлия бошқармаси собиқ бошлиғи А.М., ва вилоятнинг Янгиариқ тумани ФВБ собиқ бошлиғи А. К.,ни суд залидан қамоққа олган эди.
Суд ҳукми билан А.М., 3 йилга, А. К., 2 йилга озодликдан маҳрум этилгани хабар қилинганди.
2022 йилнинг сентябрь ойида мазкур жиноят иши Хива туман судида кўриб чиқилганди ва Меҳрибонлик уйи мудираси Ю. Х., ЖКнинг 135-моддаси (Одам савдоси), 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) билан айбли деб топиб, 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган.
Адлия ва Фавқулодда вазиятлар бошқармалари раҳбарлари эса ЖКнинг 128-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) билан 1,5 йилга озодликдан чекланган. Хоразм вилояти суди апелляция инстанцияси 2022 йил декабрда ҳукмни кучда қолдирган эди.
Nemolchi.uz лойиҳасига кўра, Урганч шаҳридаги Меҳрибонлик уйи мудираси уч қизни танлаб олиб, 10 ой давомида (2021 йил майдан 2022 йил февралга қадар) «моддий манфаат учун уларни турли эркаклар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаган».