Ўзбекистон АҚШ билан стратегик шерикликни чуқурлаштириш ниятида. Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган 2025 йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасида бу борада мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига бир қатор вазифалар юкланган.
Лойиҳага мувофиқ, ташқи сиёсат маҳкамаси жорий йил якунига қадар Қўшма Штатлар янги маъмурияти вакиллари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш ва олий даражадаги ташрифни ташкил этиши керак.
Бундан ташқари, Тошкентда АҚШ билан кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқотининг биринчи раундини юқори даражада ўтказиш, “C5+1” (Марказий Осиё ва АҚШ) форматидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, жумладан, вазирлар учрашуви, тегишли ишчи гуруҳлар йиғилишларини ўтказиш, шунингдек, ушбу форматнинг 10 йиллиги муносабати билан Самарқандда юбилей саммити ўтказиш режалаштирилган.
Давлат дастури лойиҳасидан англашилишича, Тошкент Вашингтон билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда. Қолаверса, АҚШ ҳукумати томонидан инсон ҳуқуқлари мезонлари бўйича эълон қилинадиган турли ҳисоботларда Ўзбекистоннинг юқори позицияларини сақлаб қолиш учун яқин ҳамкорликни давом эттириш вазифаси белгиланган.
Ўзбекистон ҳукумати парламентлараро алоқалар, таълим, фан, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби йўналишларда ҳам АҚШ билан ҳамкорликни кенгайтириш истагини билдирган.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 8 январь куни АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Жонатан Хеник билан музокара ўтказган.
“Биз асосий йўналишлар бўйича ҳамкорлигимизни чуқурлаштириш йўлларини муҳокама қилдик ва турли даражадаги бўлажак тадбирлар жадвалини кўриб чиқдик. Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик 2024 йилда самарали бўлди, 2025 йилда эса бундан-да кўпроқ ютуқларга эришишимизга ишончимиз комил”, дея пост қолдирган Ўзбекистон бош дипломати ушбу учрашув ортидан.
Озодлик аввал хабар қилганидек, 2024 йил 6 ноябрь куни Дональд Трампни президент сайловидаги ғалабаси билан табриклаган президент Шавкат Мирзиёев уни “бой тажрибали ва моҳир сиёсатчи” деб таърифлаган. Табрик матнида Тошкент ва Вашингтон ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги даври айнан Трампнинг биринчи президентлик даврида бошлангани урғуланган.