Германия канцлери Олаф Шольцнинг Марказий Осиёга сафари доирасида 15 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида президент Шавкат Мирзиёев ва канцлер Олаф Шольц қўшма декларацияни қабул қилишган.
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, тадбирда қўшма декларациядан ташқари яна қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланган бўлиб, улар орасида Миграция ва мобиллик соҳасида ҳар томонлама шериклик тўғрисида ҳукуматлараро битим, Ветеринария ва чорвачилик соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро декларация, “Яшил Марказий Осиё” ташаббуси доирасида сув ресурсларидан барқарор фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро декларация, Ўта муҳим минераллар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида қўшма декларация, Транспорт соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим, Париж битими доирасида иқлим ўзгариши соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум каби ҳужжатлар бор.
“Бундан ташқари, 2024-2026 йилларга мўлжалланган Технологик шериклик ва саноат кооперацияси дастури қабул қилинди, шунингдек, Ўзбекистон ва Германиянинг етакчи корхоналари даражасида бир қатор битим ва шартномалар тузилди”, дейилган хабарномада.
ГФР федерал канцлери Олаф Шольц 15 сентябрь куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.
Президент Мирзиёев германиялик меҳмонни Регистон майдонида кутиб олган. Шундан сўнг Самарқанднинг Конгресс марказида Олаф Шольцни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтган.
Маросимдан сўнг Конгресс марказида Мирзиёев ва Шольцнинг тор доирада ва делегациялар иштирокидаги музокаралари ўтказилган.
Музокаралар давомида кўп қиррали икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган. Самарқандда ўтган Ўзбекистон-Германия саммитига Саноат ва технологиялар бўйича стратегик шериклик дастури тайёрлангани, Германиянинг етакчи компания ва банклари билан умумий қиймати қарийб 9 миллиард евро бўлган ҳамкорлик лойиҳалари ишлаб чиқилаётгани, улар “яшил” энергетика, кимё саноати, ўта муҳим хомашёни ўзлаштириш, машинасозлик, тўқимачилик саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа кўплаб йўналишларни қамраб олиши қайд этилган.
Шунингдек, музокараларда транспорт ва логистика, самарали қуруқлик ва ҳаво йўлакларини ривожлантириш, транспорт харажатларини камайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Мирзиёев Lufthansa авиакомпаниясининг Ўзбекистонга тўғридан-тўғри парвозларини қайта йўлга қўйиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этган.
Ташриф давомида Ўзбекистон билан Германия ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида шаффоф ва тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган битим имзолангани мамнуният билан урғуланган.
Германиянинг дуал таълим тизимини Ўзбекистон ҳудудларида кенг жорий этишга қизиқиш билдирилган. Етакчи университетлар ўртасида таълим ва илмий алоқаларни ривожлантириш учун икки мамлакат олий ўқув юртлари форумини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилган.
Ўзбекистон томони қўшма дастурларни амалга ошириш, Германия олий таълим муассасаларининг факультетлари ва филиалларини очиш учун барча шароитларни яратишга тайёрлигини билдирган.
“Ташриф доирасида Бошқарув кадрларини тайёрлаш қўшма мактаби ишга туширилиши қайд этилди”, дейилган президент матбуот хизмати хабарномасида.
Германия канцлерининг Марказий Осиёга ташрифи арафасида Human Rights Watch халқаро инсон ҳақлари ташкилоти Олаф Шольцни минтақа лидерлари билан бўлажак учрашувларда минтақадаги инсон ҳуқуқлари муаммосига алоҳида эътибор қаратишга чақирган эди. Канцлер Ўзбекистон президенти билан бўлиб ўтган музокаралар чоғида бу муаммони муҳокама қилиб-қилмагани маълум эмас. Самарқандга ташриф ортидан Олаф Шольц 16-17 сентябрь кунлари Остонада бўлиб, Германия – Марказий Осиё раҳбарларининг биринчи саммитида иштирок этиши кутилмоқда.