2024 йилда Ўзбекистон ва Покистон ўртасида товар айирбошлаш ҳажми 400 миллион доллардан ошди. Эндиликда бу кўрсаткични 2 миллиард долларга етказиш кўзланмоқда.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф Тошкентда 26 февраль куни ўтказган музокараларда шу каби масалалар муҳокама қилинган.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашувда икки давлат стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг барча йўналишлари кўриб чиқилган.
Кейинги бир неча йилда Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон мультимодал йўлаги орқали юк ташиш ҳажми 5 баробар кўпайган. Қўшма корхоналар сони 130 тага етган. Тошкент ва Лаҳор ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар тикланган.
Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида товарлар рўйхатини кенгайтириш, фитосанитария ва карантин талабларини, божхона тартиб-таомилларини ўзаро соддалаштириш, банклараро ҳисоб-китоблар механизмларини такомиллаштириш кабилар устувор вазифалар сифатида белгиланган.
Ўзбекистон президенти ва Покистон бош вазири, шунингдек, терроризм, радикализм, исломофобия ва хавфсизликка таҳдид солаётган бошқа замонавий хатарларга қарши курашишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлигини таъкидлашган.
Шаҳбоз Шарифнинг Тошкентга ташрифи якунида Ўзбекистон ва Покистон ўртасида Фан, техника ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим, Дипломатик паспорт эгаларининг визасиз сафарлари тўғрисида битим, Ички ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим, Профессионал таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим каби ҳужжатлар имзоланган.
Ўзбекистон Афғонистон ва Покистон орқали Ҳинд океани бандаргоҳларига чиқиш учун халқаро транспорт йўлаги шакллантирилишини истамоқда.
Термиз–Мозори Шариф–Кобул–Пешовар трансафғон темир йўли тўлиқ ишга туширилган тақдирда, Ўзбекистондан Покистонга юкларни бугунгидай 35 кунда эмас, балки 3-5 кунда етказиб бериш мумкин бўлади. Бир стандарт юк контейнерини манзилга етказиб бериш нархи уч баробарга арзонлайди. Мазкур йўлдан юк ташиш ҳажми йилига 10 миллион тоннага етиши мумкин.