Ўзбекистон АҚШ билан Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлади. Бу ҳақда Президентнинг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Урунов LinkedIn платформасидаги саҳифаси орқали маълум қилди.
“14 ойлик фаол музокаралар ўз мантиқий манзилига етди! Бу осон бўлмаган йўл, мураккаб, аммо мазмунли музокаралар, умр бўйи эсда қоладиган тажриба бўлди” , деб ёзди у.
Томонлар бозорга кириш тўғрисидаги баённомани имзолашга тайёргарлик кўраётгани айтилмоқда.
Ҳозирга қадар Ўзбекистон бир қатор давлатлар билан ЖСТга аъзо бўлиш бўйича музокараларни якунлади. Қўшма Штатлар бу борада 21-давлат бўлди.
Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиши бўйича музокараларни қарийб 15 йиллик танаффусдан сўнг 2020 йил июль ойида қайта бошлаган. Расмий Тошкент аъзолик жараёнини имкон қадар тезроқ якунлаш ниятида эканини билдирган. Жумладан, жорий йил 5 июнь куни ЖСТ бош директори Нгози Оконжо-Ивеалани қабул қилган президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг тез фурсатда мазкур халқаро тузилмага аъзо бўлиш истагини урғулаган.
2023 йил август ойида мамлакат қонунчилигини ЖСТ келишувларига уйғунлаштиришга қаратилган фармон қабул қилинган.
Ўзбекистон ЖСТ билан ташкилотнинг бутун тарихи давомида энг узоқ музокара олиб борган давлатдир. Бу йил музокаралар бошланганига 30 йил тўлди.
ЖСТ аъзо давлатлар ўртасидаги савдо қоидалари билан шуғулланувчи ягона глобал халқаро ташкилот бўлиб ҳисобланади.
Ушбу тузилмага аъзолик рақобатбардошлик ва савдо ҳажмини оширишга кўмаклашади.