АҚШ Давлат департаментида 13 декабрь куни навбатдаги Ўзбекистон-АҚШ стратегик ҳамкорлик мулоқоти бўлиб ўтди. Мулоқотда ташқи ишлар вазири Владимир Норов раҳбарлигидаги Ўзбекистон делегацияси ва АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Дональд Лу иштирок этди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти расмий сайтида маълум қилинди.
Ўзбекистон-АҚШ стратегик ҳамкорлик мулоқоти 2021 йилда ташкил этилган эди. Унда икки давлат ўртасидаги ҳамкорликка оид кенг қамровли масалалар муҳокама этилади.
Мулоқотнинг иккинчи йиғилишида Дональд Лу АҚШ Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини доимий қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади.
Шундан сўнг Лу Вашингтон Ўзбекистонда ўтказилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашда давом этишини билдирди. Мулоқотда иқтисодий ва сиёсий ҳамкорлик масалаларидан ташқари Ўзбекистондаги сўз эркинлиги, журналистларни ҳимоя қилиш ва фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам муҳокама этилган.
Бундан ташқари АҚШ Ўзбекистоннинг Афғонистонга гуманитар ёрдам етказишдаги ҳамкорлигини юқори баҳолаган.
Шунингдек, учрашувда хавфсизлик масалалари, жумладан, чегара назоратини ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинган. Аёлларнинг жамиятдаги мавқеини ва уларнинг иқтисодий вазиятини яхшилашга эътибор қаратилган.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов бошчилигидаги делегация 12 декабрда Вашингтонгга келган эди. Делегация 14 декабргача Америка Қўшма Штатларида бўлади.