Тошкент вилоят ҳокимлиги ўз хабарига ўзи раддия берди

Нурафшонда қурилиши режалаштирилган кутубхона лойиҳаси. Тошкент вилоят ҳокимлиги фотоси.

Тошкент вилоят ҳокимлиги Нурафшонда Зулфия Зокирова ёдгорлик комплекси ва кутубхона қурилиши тўғрисидаги қарор бекор қилингани ва қурилишга ажратилган 34,4 миллиард сўм бюджетга қайтарилгани тўғрисида 12 декабрь куни тарқатган ўз хабарига 13 декабрь куни раддия берди.

Раддияда таъкидланишича, Зулфия Зокирова ёдгорлик комплекси ва кутубхона қурилиши бекор қилинмаган, балки кечиктирилган. Қурилиш учун ажратилган пулнинг бюджетга қайтарилишига эса ҳисоб-китоблар ва лойиҳалаштириш ишлари якунига етмаганлиги сабаб бўлган.

“Ушбу объектга келгусида аниқ ҳисоб-китобларга асосан маблағ ажратилиши кўзда тутилади”,-дейилади раддияда.

Зулфия Зокирова Иккинчи жаҳон урушида бешта ўғлини йўқотган она ҳисобланади. Зокирова тақдири акс этган “Илҳақ” фильми суратга олинган. Тошкентдаги Ғалаба боғида унинг ҳайкали ўрнатилган.

Тошкент вилоят ҳокимининг Нурафшонда Зокирова хотирасига яна бир ёдгорлик мажмуаси барпо этиш қарори Ўзбекистон жамоатчилиги томонидан кескин танқид қилинган.