Тошкент вилоятида “Долзарб 40 кунлик” махсус профилактик тадбирлари доирасида жиноий гуруҳларга аъзоликда гумонланган бир неча шахс қўлга олинган.
Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизматимаълумотига кўра, махсус хизмат ва ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган рейдлар давомида вилоят бўйлаб 34 нафар жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинган.
“Уларнинг 11 нафарига нисбатан жиноят иши қўзғатилди, 23 нафари маъмурий тартибда қамоққа олинди”, дейилган хабарномада рейдлар чоғида мазкур шахслардан гиёҳвандлик ва психотроп воситалар ҳамда совуқ қуроллар процессуал тартибда олингани қўшимча қилинган.
Аввалроқ Ички ишлар вазирлиги тизимлари Тошкент шаҳри, Андижон, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Хоразм вилоятларида “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари давомида жиноий гуруҳларга алоқадорликда гумонланган ўнлаб одам ушлангани ҳақида маълумот тарқатишган.