Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги 5-болалар боғчасида 25 нафар тарбияланувчи заҳарланган.
Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати тарқатган маълумотга мувофиқ, шу йил 2 августидан 11 августигача интоксикация синдромининг клиник кўринишлари бўлган тарбияланувчилар Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, Тошкент 1-шаҳар юқумли касалликлар клиник шифохонаси, Тошкент вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ва Оққўрғон тумани юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган.
“12 август ҳолатига кўра, 6 нафар тарбияланувчи оғир ҳолатда жонлантириш бўлимида даволанмоқда, шундан 1 нафар тарбияланувчи ўпканинг сунъий нафас бериш мосламасига уланган бўлиб, ҳолати ўта оғир ҳолатда қолмоқда. Қолган 19 нафар тарбияланувчиларнинг ҳолати ўртача оғир, деб баҳоланган”, дейилган вазирлик хабарномасида.
Қайд этилишича, касалхонага ётқизилган тарбияланувчилардан бактериологик текширув ўтказиш учун таҳлиллар олинган ва лабораторияга юборилган.
Касалхонага ётқизилган тарбияланувчиларга клиник кўринишларига кўра илк босқичда “Ботулизм” ташхиси қўйилгани, якуний ташхис эпидемиологик текширув натижалари ҳамда бактериологик тадқиқот маълумотларига асосланиб қўйилиши билдирилган.
Вазирлик даволаниш давомида 21 нафар тарбияланувчининг саломатлиги ҳолатида ижобий ўзгаришлар кузатилаётганини қайд этган.
Хабарномада Оққўрғондаги 5-боғчада бир тарбияланувчининг озиқ-овқат заҳарланишидан вафот этгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар расман рад этилган. Айтилишича, тарбияланувчи М.Б. пневмония асоратлари туфайли вафот этган.
“Ҳолат юзасидан бугунги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан текширув-суриштирув ишлари амалга оширилмоқда, ўтказилган текширув натижаларига кўра, Мактабгача таълим вазирлиги томонидан қўшимча маълумот берилади”, дейилган вазирлик хабарномасида.