Тошкентда “ўт ўчиргич”ни портлатиб, 2 кишини жароҳатлаганларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Иллюстратив сурат. Самарқанд Янги йил арафасида.

Шайхонтоҳур тумани “Қоратош” кўчасида мушакбозлик қилиш мақсадида қўлбола усулда ясалган “ўт ўчириш” мосламасини порлатганларнинг шахси аниқланди ва уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар берди.

Расман билдирилишича, фуқаролар И.А., У.М., А.Л., З.Х., 1 январь тунги соат 00.45 ларда қўлбола мосламани портлатиши оқибатида кўчадан ўтиб бораётган 1999 йилда туғилган М.А.,нинг ўнг оёқ болдири ва товони ва 2006 йилда туғилган Х.Н..нинг ўнг оёқ панжа қисми йиртилган ва мажақланган.

“Ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан фуқаролар И.А., У.М., А.Л., З.Х.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 250-моддаси (“Портлаш хавфи бўлган моддалар ёки пиротехника буюмларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов давом этмоқда. Айбдор шахслар қонун олдида жавоб беради”, -дейилади расмий хабарда.

Тошкент шаҳар ИИББдан фарқли ўлароқ, “Газета уз” портлаш оқибатида уч киши жароҳатлангани тўғрисида хабар берганди.

Нашрнинг ёзишича, “Ўзбекистонда пиротехника буюмларини сотиш ва улардан фойдаланиш тақиқланганига қарамасдан, Тошкентда эрта тонгача мушакбозликлар давом этди”.