Тошкентда 1600 дан зиёд реклама объекти демонтаж қилинди

Тошкентдаги реклама билбордларидан бири (архив сурати)

Тошкент шаҳри туманларида 10 ноябрдан ташқи реклама объектларини демонтаж қилиш жараёни бошланди.

Миробод тумани ҳокимлиги “пойтахт ташқи қиёфаси кўркамлигини сақлаб қолиш”, “кўчаларда хавфсизликни ошириш” мақсадида Нукус, Шаҳрисабз, Фарғона йўли ва бошқа қатор кўчаларда жойлашган кўп қаватли уйларнинг фасад қисми, пиёдалар йўлакларида ўрнатилган 120 дан ортиқ ноқонуний реклама ва турли эълонлар баннерлари демонтаж қилингани ҳақида маълумот тарқатди.

Яккасарой ҳокимлиги ҳам “ноқонуний баннер ва рекламалар бартараф этилаётгани” ҳақида ҳисобот берди.

Пойтахт ҳокимлиги Gazeta.uz нашрига бир кун ичида Яккасарой, Мирзо Улуғбек, Миробод ва Чилонзор туманларида 1600 дан ортиқ объект демонтаж қилинганини билдирган.

Демонтаж ишлари 25 октябрь куни қабул қилинган ташқи реклама объектларининг дизайн коди муносабати билан амалга оширилаётгани айтилмоқда. Халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгаши томонидан тасдиқланган ҳужжатда ташқи реклама турлари, объектларнинг габарити ва уларни жойлаштириш қоидаларини белгиланган.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда тадбиркорлар демонтаж ишлари огоҳлантиришсиз олиб борилаётгани, тегишли қонуний асос кўрсатилмаётгани, ҳатто марказ ва муассасаларнинг пешлавҳалари ҳам реклама деган иддао билан олиб ташланаётганидан норозилик билдирган.