Давлат чегараси делимитацияси ва демаркацияси бўйича ҳукумат комиссияси раҳбари, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев 22 март куни чегара масалалари бўйича музокаралар ўтказиш учун Ўзбекистон пойтахтига учиб кетган. Бу ҳақда маълумот тарқатган Қирғизистон ҳукумати матбуот хизматига кўра, учрашувларда ўзбек-қирғиз чегарасининг қолган участкаларига аниқлик киритиш муҳокама қилинади.
Хабарномада 24-25 март кунлари Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегара делимитацияси ва демаркацияси бўйича ҳукумат делегациялари қўшма йиғилиши бўлиб ўтиши, бунда ўзбек делегациясига бош вазир Абдулла Арипов, қирғиз делегациясига эса МХДҚ раҳбари Қамчибек Ташиев етакчилик қилиши қайд этилган.
Шу йилнинг 11-12 март кунлари Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўзбекистонга сафар қилган, сафар натижаларига кўра икки мамлакат уч ой ичида чегара муаммоларини ҳал қилиш ниятида экани билдирилганди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга кўра, томонлар кимнинг қачон ва нима қилиши лозимлиги бўйича “илк бор жуда қаттиқ ва аниқ келишув”га эришганлар.
Жапаровнинг Тошкентга сафари ортидан Қирғизистон Ўзбекистоннинг Сўх эксклавига йўлак очиб берганига оид маълумот тарқалган, бироқ Қирғизистон президенти бу хабар ёлғон эканини билдирган. Жапаровга кўра, бу ерда гап Сўхга авиақатнов очилиши ҳамда назорат-ўтказиш маскани фаолиятининг тикланиши ҳақида борган.
Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги чегара узунлиги 1378 километрни ташкил қилади, бундан 1170 километри ёки 85 фоизи аниқланиб, 2017 йилдаги шартнома билан ратификация қилинган. Чегаранинг яна 10 фоизи бўйича келишувга эришилган, қолган 5 фоиз бўйича масала ҳал бўлган эмас.