Ўзбекистон пойтахти Тошкентда 36 ёшли россиялик журналист Александр Нечаев вафот этган. Бу ҳақда Нечаев бош муҳаррири бўлган “Бюллетень кинопрокатчика” нашри телеграм-канали хабар қилди.
Журналистнинг ўлимига нима сабаб бўлгани ҳозирча маълум эмас. “Комсомольская правда” мухбири Денис Корсаковга кўра, Нечаев Тошкентга релокант сифатида эмас, балки бир-икки ой яшаш учун борган. У апрель ойи ўрталарида Москвага қайтишни режалаган.
Корсаковнинг айтишича, Нечаев 6 мартдан буён мессенжерлардаги ёзувлар ва қўнғироқларга жавоб бермай қўйган. Шунингдек, у душанба оқшомида “Бюллетень кинопрокатчика” нашрининг навбатдаги сонини топширмагани айтилмоқда.
“Бунақаси ҳеч қачон бўлган эмас: Саша ишга жуда масъулият билан ёндашар эди. Сешанбба куни Тошкентда яшайдиган танишларни топиб, ундан хабар олишни сўрадик. Улар [Нечаев яшаган] ижара уйга полициячилар ва уй соҳиби билан бирга бориб, эшикни очишиб, Сашани ўлик ҳолда топишган. Унга нима бўлгани ҳозирча маълум эмас. Балки юрак хуружига учрагандир”, дея иқтибос келтирган Денис Корсаков сўзларидан Podrobno.uz нашри.
Журналистнинг вафотига оид маълумотни Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ҳам тасдиқлаган. Мулозимга кўра, Нечаевнинг ўлими юзасидан айни пайтда Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.
“Ўлим сабабини аниқлаш учун суд-тиббий экспертизаси тайинланган”, дея қайд этган БП матбуот котиби экспертиза натижалари ҳақида қўшимча маълумот берилишини билдирган.