Тошкент шаҳрида жорий йилнинг 1 октябридан Америка технологиялар университети фаолият бошлади.
Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, янги олий таълим муассасаси АҚШнинг “Cintana Education” компанияси ва “Times Higher Education” рейтингида 182-ўринни эгаллаб келаётган Аризона давлат университети билан ҳамкорликда очилган.
Қайд этилишича, мазкур олий таълим даргоҳида муҳандислик, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари, архитектура ва дизайн, иқтисодиёт ва молия, халқаро муносабатлар соҳалари бўйича кадрлар тайёрланади.
2024/2025 ўқув йилида университетда халқаро савдо ва дастурий муҳандислик йўналишида бакалавр босқичида ўқиш ташкил этилади.
Вазирлик маълумотига қараганда, битирувчиларга Aризона давлат университети ёки АҚШда тан олинадиган ҳамкор хорижий олий таълим ташкилотининг дипломи берилади.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон президенти жорий йил июль ойида мазкур университетни ташкил этишга доир қарор имзолаганди.
ОТМ Тошкент шаҳри Бешёғоч кўчасидаги бинога ижара асосида жойлаштирилади. Қарорга кўра, 2025 йил 1 сентябрига қадар университет кампусини қуриш учун пойтахт ҳудудидан ер майдони ажратилиши лозим.
Ўзбекистонда 30 га яқин хориж университети ва филиали мавжуд. Хусусан, Тошкентда 2019 йилдан бери АҚШнинг Вебстер университети фаолият юритиб келади.