Ўзбекистон пойтахтида 15 июнь куни туғилган фарзандини 35 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлган 28 ёшли аёл ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълумот тарқатди.
Хабарномага мувофиқ, ДХХ ва ИИВ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда аёл юқорида қайд этилган суммани олиб, келгусида болани қайтариб олиш учун даъво қилмаслик бўйича тилхат ёзиб берган вақтида қўлга олинган. Аёлга “мазкур ноқонуний ҳаракатини амалга оширишида ёрдам бергани учун 200 АҚШ доллари олган туғруқхона шифокори ҳам” ушланган.
Хабарномада ДХХ Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ИЖҚК департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда Боёвут туманида ўтказилган тезкор тадбирда 29 ёшли Х.Д. 2018 йилда туғилган ўғлини 16 минг АҚШ долларига сотган чоғида ашёвий далиллар билан қўлга олингани қўшимча қилинган.
“Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилган ДХХ хабарномасида.