Тошкентда блогер Абдуқодир Мўминов иши юзасидан маҳкама жараёни бошланди

Блогер Абдуқодир Мўминов (ўртада) Миробод туман судидаги маҳкама залида, Тошкент, 2023 йил 25 июли (Олий суд матбуот хизмати фотоси)

Жорий йилнинг 25 июль куни президент Мирзиёев танқидчиси сифатида танилган блогер Абдуқодир Мўминов иши бўйича суд жараёни бошланди.

Олий суд матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур иш жиноят ишлари бўйича пойтахтнинг Миробод туман судида кўриб чиқилмоқда.

Хабарномага мувофиқ, судланувчи Ўзбекистон Жиноят кодексининг 141-1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми “а”, “б” бандлари, 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б”, “в” бандлари, 4-қисми “а” банди, 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми ва 28, 211-моддаси (пора беришда иштирокчилик) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Олий суд матбуот хизмати бу борадаги қўшимча маълумот суд жараёни якуни бўйича берилишини билдирган.

Тармоқ фаоллари қайдича, сешанба куни блогер Абдуқодир Мўминов ишини кузатиш учун Миробод туман суди биноси олдида тахминан 100 дан зиёд киши йиғилган. Аммо маҳкама залига ҳамма ҳам киритилган эмас – ичкарига фақат блогернинг яқинлари ва бир неча журналист қўйилган, холос.

YouTube’даги “Кўзгу” канали муаллифи Абдуқодир Мўминов шу йилнинг 8 февралида “фирибгарлик” ва “товламачилик”да гумон қилиниб, ҳибсга олинганди. Беш ойдан буён ҳибсда сақланаётган ва бир неча марта адвокатдан воз кечган Мўминовнинг ўзига қўйилаётган айбловларни тан олиб-олмаганига оид тафсилотли маълумот йўқ. Ҳуқуқ фаоллари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари блогер президент Мирзиёевнинг куёвлари бизнеси ҳақида олиб бораётган суриштируви туфайли қўлга олинганига ишонишади.

Блогер Абдуқодир Мўминов ўтган йилнинг 23 декабрь куни Тошкентда номаълум шахслар ҳужумига учраганди. Озодлик билан суҳбатда у “ҳаётига суиқасд қилингани”ни иддао қилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари блогерга уюштирилган ҳужум юзасидан жиноят иши очилганини маълум қилган. Бу иш тафсилотлари ҳозирга қадар жамоатчиликка очиқланган эмас.