Тошкент шаҳрида танишлари орқали янги туғилган қизчасини сотмоқчи бўлган аёл ва унинг онаси қўлга олинган. Бу ҳақда Олий суд матбаот хизмати маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, Фарғона водийси вилоятларидан бирида яшайдиган аёл танишидан никоҳсиз ҳомиладор бўлиб қолган, ҳомиласи катта бўлиб қолгани учун аборт қилдира олмаган. Бу воқеа ортидан яқинлари шарманда бўлишини истамаган аёл боласини сотмоқчи бўлган. Фарзанд туғилишидан аввал у бир эркак билан танишиб қолиб, унга ўз ниятини айтган. Эркак унга харидор топишда ёрдам беришга қарор қилган.
Тергов чоғида бу ишга ҳомиладор аёлнинг онаси ҳам аралашгани аён бўлган. Дастлаб улар туғилажак болани 3 минг долларга баҳолаганлар, кейинроқ “харажатлар кўпайиб кетган”ини баҳона қилиб, улар нархни 8,5 минг долларгача кўтарганлар.
Аёл ва унинг таниши янги туғилган чақалоқ учун 8 минг доллар пул олаётган пайтда ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари томонидан қўлга олинган.
Ҳодиса юзасидан мамлакат Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Пировардида чақалоқни сотмоқчи бўлган аёл ва онаси уч ярим йилданга, эркак эса беш ярим йилга озодликдан маҳрум этилган.
Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда чақалоқ сотишга уриниш ҳолатлари кўпайгани ҳақида Озодлик ўтган ой хабар қилган эди.