Тошкентда 16 ноябрдан бошлаб кўча ёриткичларининг электр истеъмоли чекланади. Бу ҳақда “Тошшаҳарнур” матбуот хизмати маълум қилди.
«Республикамиз ҳукумати электр энергияси истеъмолчиларининг олдига яна бир муҳим вазифа — энергия ресурсларидан эҳтиёткорлик ва масъулият билан фойдаланиш вазифасини қўйди. Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонлари кечки ва тунги вақтда юзага келадиган вақтинчалик ноқулайликларни тушунадилар, шунингдек, кундалик ҳаётда электр энергиясидан оқилона ва тежамкор фойдаланишнинг умумий вазифаларини ҳал қилишда фаол иштирок этадилар, деб умид қиламиз», — дейилади расмий билдирувда.
Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Миллий диспетчерлик маркази (МДМ) Ўзбекистонда 9 ноябрдан бошлаб иссиқлик электр станцияларида ёғилғи таъминоти билан боғлиқ оғир ҳолат вужудга келгани тўғрисида маълум қилган эди. Бунинг ортидан МДМ электр энергияси балансини таъминлаш ва энергетика тизимида блэкаут юзага келишининг олдини олиш мақсадида махсус жадвалга асосан юқори кучланишли тармоқларни ўчирган.
“Ўзтрансгаз” 9 ноябрдан об-ҳавонинг совиб кетиши ортидан аҳоли ва стратегик аҳамиятга эга корхоналарни газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари иши вақтинчалик чекланиши ҳақида билдирган эди. Ҳудди шу куни Энергетика вазирлиги ҳам совуқ тушиши ортидан Фарғона водийсида электр таъминотида “қисқа муддатли узилишлар” юзага келаётганини билдирди.
Шавкат Мирзиёев 2016 йил декабридаги президент сайловлари арафасида аҳолининг электр ва газ муаммосини ҳал қилишга ваъда берган эди. Аммо ўтган вақт мобайнида, айниқса, куз-қиш мавсумида аҳолининг электр ва газ муаммоси долзарблигича қолмоқда.