Тошкентда cунъий уруғлантириш билан шуғулланган клиника устидан жиноят иши қўзғатилди

Иллюстратив сурат

Экстракорпорал уруғлантириш хизматини кўрсатиб келган “Турк-Бухоро ЭКУ маркази” Тошкент филиалига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилди. Миробод тумани прокуратураси ҳолат бўйича дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бормоқда. Бу маълумотни Kun.uz нашрига Тошкент шаҳри прокуратураси тасдиқлаган.

Қайд этилишича, клиника маъмурияти тиббий муолажалар кўрсатиш учун 49 нафар аёл билан жами 2 миллиард 87,4 миллион сўмлик шартнома тузган. Беморлар ёз ойларида марказда рўйхатдан ўтиб, тиббий хизмат учун 42,6 миллион сўмдан тўлов қилган.

Келишувга асосан сентябрь ойида сунъий уруғлантирилган эмбрионлар бачадонларига трансфер қилиниши, яъни мижозлар ҳомиладор бўлиши керак бўлган.

Аммо корхона таъсисчиларининг келишмовчилиги сабаб клиника фаолияти тўхтаб қолган, уруғлантирилган эмбрионлар ва мижозлар тўлаган пуллар тақдири номаълум бўлиб қолмоқда.

Марказ таъсисчиси Туркияга қочиб кетгани айтилмоқда.

ЭКУ (экстракорпорал уруғлантириш) бепуштлик ташхиси қўйилган ёки анчадан бери фарзандли бўла олмаётган оилалар фойдаланадиган замонавий репродуктив технологиядир. Бунда тухум ҳужайралар ва сперматозоидлар лабораторияда уруғлантирилиб, ҳосил бўлган эмбрионларнинг энг сифатлиси бачадонга кўчирилади. ЭКУ серхаражат ва сермашаққат тиббий муолажа усуллари сирасига киради.