Тошкентда иш жойида бир қизга тегажоғлик қилган Nurafshon TV телеканалининг бош муҳаррир ўринбосарига нисбатан суд ҳукми ўқилган. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар Олий суд матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишди.
Қайд этилишича, жабрланувчи қиз устози Ш. Х. томонидан ўзига нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилингани юзасидан ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза билан мурожаат қилган.
Қиз 27 январь куни Ш. Х. уни алдаб, иш жойига олиб келиб, бурчакка тақаб, ўпмоқчи бўлган. Жабрланувчи бу аҳвол узоқ вақтдан бери давом этаётганини билдириб, бош муҳаррир ўринбосарини жавобгарликка тортиш ва ундан маънавий зарар ундириб беришни сўраган.
Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди мазкур ишни 6 февраль куни кўриб чиққан. Судда Ш. Х. айбига иқрор бўлган.
Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш) 1-қисми бўйича айбдор деб топилган судланувчига нисбатан, суд қарорига кўра, уч суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайин қилинган.
Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов қайдича, 2023 йилда Ўзбекистонда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш) билан 666 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган - улардан 233 нафари жарима жазосига тортилган, 433 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган.