Тошкентда икки мактаб ўқувчилари ўртасида оммавий муштлашув содир бўлди

Тошкент шаҳар ИИББ фотоси

Ўзбекистон пойтахтида 28 сентябрь куни 94-мактабнинг 9 ва 10-синф ўқувчилари ҳамда 145-мактабнинг 9-синф ўқувчилари ўртасида оммавий муштлашув содир бўлди.

Ижтимоий тармоқларда видеоси тарқалган мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ изоҳ берди.

ИИББ қайдича, икки мактаб ўқувчилари Telegram тармоғи орқали ўзаро гап талашиб қолгани ортидан сешанба куни тахминан соат 13.20 ларда Миробод тумани Амир Темур кўчасида учрашиб, муносабатларни ҳал қилишмоқчи бўлишган ва ҳодиса жойида ўзаро муштлашиб кетишган.

“Ҳолатдан хабар топган ҳудудий профилактика инспекторлари Йўлдашбеков Абузохид ва Исамухамедов Тимурлар зудлик билан воқеа жойига этиб келишган ва уларнинг аралашуви билан катта можаронинг олди олинган”, дейилган хабарномада.

Тошкент шаҳар ИИББ ҳодиса бўйича текширув ўтказилаётгани, унинг натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилинишини билдирган.