Ўзбекистон пойтахтида 26 мартдан эътиборан 2023-2024 йилги иситиш даври якунланиши кутилмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ўз хабарномасида Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлидаги “Коммунал хизматлар кўрсатишни тасдиқлаш қоидалари тўғрисида"ги 194-сонли қарорига асосан иситиш даври ташқи ҳавонинг ўртача суткалик ҳарорати 8 даражадан юқори бўлган 5 кунлик давр тамом бўлган кундан кейинги кундан тамомланиши белгиланганини эслатган.
Ҳокимлик мазкур қарорга таянган ҳамда Тошкент шаҳар гидрометеорология марказининг маълумотларини ҳамда ўртача суткалик ҳарорат 10 даражадан юқори бўлаётганлигини инобатга олган ҳолда, сешанбадан бошлаб иситиш даври якунланишини маълум қилган.
Аввалроқ Veolia Energy Tashkent ширкати 2023-2024 йилги иситиш мавсуми тугаганидан бир кун ўтиб аҳоли учун иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти хизматлари тарифларини ошириш режалангани ҳақида маълумот тарқатган эди. Шундан келиб чиққан ҳолда, Тошкентда иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти хизматлари тарифлари 27 мартдан эътиборан оширилишини тахмин қилиш мумкин.