Ўзбекистон пойтахтида 31 октябрдан эътиборан аҳоли ва юридик шахслар учун иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув хизматлари тарифлари 15 фоизга оширилди.
Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умрзоқов имзолаган қарорда нарх оширилишига Халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгашининг 2024 йил 12 сентябридаги қарори ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2024 йил 29 июлидаги хулосаси асос сифатида кўрсатилган.
Ушбу ҳужжатга кўра, аҳоли учун иситиш ва иссиқ сувнинг янги чакана тарифи Гкал учун 105 минг 754 сўмдан 121 минг 617 сўмга, юридик шахслар учун эса 212 минг 606 сўмдан 244 минг 497 сўмга оширилди.
Бюджет ташкилотлари учун тариф ўзгармади – 1 Гкал учун 801 минг 963 сўм қолдирилди.
Пойтахтда марказлашган иссиқлик таъминоти хизмати кўрсатувчи “Veolia Energy Tashkent” МЧЖга кўра, шаҳар аҳолиси асосий тарифнинг 14 фоизини тўлайди, қолган қисми эса шаҳар бюджетидан субсидия сифатида қопланади.
2025-2027 йиллар учун Бюджетнома лойиҳасида аҳолига пасайтирилган нархларда иссиқлик етказиб беришдаги зарарни қоплаш учун ғазнадан 4,2 триллион сўм субсидия ажратилиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти нархи 2024 йилнинг 2 апрелида ҳам 15 фоизга оширилганди.
Ҳаво ҳарорати пасайганига қарамай, Ўзбекистон пойтахтида ҳали марказлашган иситиш тизими ишга туширилганича йўқ. Фаоллар ижтимоий объектлар ва кўп қаватли уйларни тезроқ иситиш кераклиги ҳақида ёзмоқда.