Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида жорий йил 27 апрелидан мактаб ўқитувчилари ва боғча ходимларини Хитой-Ўзбекистон вакцинаси ўлароқ эътироф этилаётган ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси билан эмлаш бошланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Улуғбек Эгамбердиев маълум қилган.
Мулозим Тошкентдаги эмлаш пунктларида шу кунгача 37 минг 763 нафар киши эмлангани, улардан 18 минг 980 нафари 65 ёшдан юқори бўлган фуқаролар, 18 минг 883 нафари эса тиббиёт ходимлари эканини билдирган.
“27 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳри бўйича хитой-ўзбек ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси билан нафақат 65 ёшдан юқори ва тиббиёт ходимлари, балки мактабгача таълим муассасаси ходимлари, мактаб ўқитувчилари ҳамда сурункали касаллиги бўлган бошқа фуқароларни ҳам эмлаш бошланди”, деган У. Эгамбердиев.
Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги сешанба куни Ўзбекистонга Хитойнинг Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd компанияси томонидан ўзбекистонлик мутахассислар ҳаммуаллифлигида яратилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси ҳамда Россиянинг “Спутник V” вакцинасининг иккинчи партиялари келтирилганини маълум қилган. Маълумотларга кўра, 27 апрель куни Ўзбекистонга ZF-UZ-VAC2001 вакцинасидан 1 миллион доза, “Спутник V”дан эса 50 минг доза келтирилган.
Бу орада Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари 28 апрелидан пойтахт аҳолисининг 65 ёшдан ошган қатламини Ўзбекистонга олиб келинган “Спутник V” вакцинаси билан эмлаш бошланиши, бу жараён бепул амалга оширилишини қайд этган.
Ўзбекистонликлар шу йил 1 апрелидан буён Хитой ва Россия вакциналаридан ташқари Британияда ишлаб чиқарилган AstraZeneca вакцинаси билан ҳам эмланмоқда ва 27 апрель ҳолатига кўра мамлакатда эмланган сони 600 минг нафардан ошган. Ўзбек расмийлари йил охиригача 7 миллион нафар кишини коронавирусга қарши эмловдан ўтказишни режалаган.