Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги хонадонлардан бирида онлайн қимор ўйинлари ўтказиб келганликда гумонланган 12 нафар хорижлик ва 18 нафар ўзбекистонлик қўлга олинган. Бу ҳақда “Газета.uz” нашри Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Қайд этилишича, ўтказилган тезкор тадбир чоғида 37 дона ноутбук ва роутер, 1400 доллар пул, 34 та сим карта, 7 та телефон, 12 та банк пластик картаси далил ўлароқ расмийлаштириб олинган.
Тергов жараёнида аниқланишича, 3 ой давомида ушбу қиморхонада 900 минг доллар айлантирилган
“Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 278-моддаси 1-қисми (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Айбланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган”, дейилган нашр хабарида Ўзбекистонда 2007 йил 1 сентябрдан бошлаб қимор ва бошқа таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишга тақиқлар мавжудлиги, қимор ташкил этиш ёки ўтказиш, шу жумладан, ана шундай ўйинлар учун қиморхоналар ташкил этиш ёки уларни сақлаш 7 йилгача озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўлиши мумкинлиги эслатилган.