Ўзбекистонда президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги муассислигида Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази ташкил этилди.
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 4 октябридаги 629-сонли қарорига мувофиқ, марказнинг асосий вазифалари ўлароқ қуйидагилар белгиланган:
- ижтимоий-психологик тадқиқотлар асосида давлат фуқаролик хизматчилари учун базавий, алоҳида лавозим ёки лавозимлар гуруҳи учун компетенциялар модели ҳамда индикаторларини ишлаб чиқиш;
- давлат фуқаролик хизматчиларини шахсий-профессионал диагностика қилиш, компетенциялар модели асосида комплекс баҳолаш;
- компетенцияларни баҳолаш жараёнида фойдаланиш учун доимий равишда янги услубларни ишлаб чиқиш, ўзлаштириш ва жорий қилиш;
- компетенцияларни баҳолаш натижалари асосида раҳбар кадрлар учун шахсий-профессионал ривожланиш траекториясини ишлаб чиқиш ва замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда амалга ошириш;
- раҳбарлик лавозимига номзодларнинг умумий касбий билими, қадриятлари ва ақлий салоҳиятини аниқлаш бўйича тест синовларини ҳамда психологик сўровномалар ўтказиш;
- раҳбар кадрлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш ва мониторинг қилиш, кадрларга бўлган эҳтиёжни прогноз қилиш, уларни саралаб олиш ва жой-жойига қўйиш жараёнларига рақамли технологияларни ва замонавий усулларни кенг жорий этиш;
- фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича эксперт-таҳлилий фаолият, илмий тадқиқот ва изланишларни олиб бориш.
Бош вазир Абдулла Арипов томонидан имзоланган қарорда айтилишича, Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази Давлат хизматини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари,шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар,халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг грантлари ва техник кўмаклари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, вақтинча бўш турган маблағларни белгиланган тартибда тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан тушадиган даромадлар ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Марказга ўз фаолиятини самарали амалга ошириши учун тегишли соҳа бўйича малакали мутахассислар ва экспертларни, шу жумладан, хорижий экспертларни белгиланган тартибда тўғридан-тўғри шартнома асосида жалб қилиш, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва бошқа буюртмачилар билан тўғридан-тўғри тузиладиган хизмат кўрсатиш шартномаси асосида фаолиятининг асосий йўналишлари доирасида даромад келтирадиган фаолият билан шуғулланиш, давлат фуқаролик хизматида замонавий рақамли технологияларни жорий этиш бўйича ахборот дастурларини ишлаб чиқиш каби ҳуқуқлар берилган.
Ҳукумат қарорида янги марказнинг манзили ўлароқ Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Ислом Каримов кўчасидаги 55-уй (Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги “Муниципал активларни бошқариш маркази” ДУКга тегишли бино) кўрсатилган.