Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди биносида 5 сентябрь куни собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги собиқ раҳбари Ҳусниддин Каримов дохил жами 50 нафар судланувчига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш жараёни бошланган. Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълумотига кўра, мазкур иш Миробод тумани суди судьялари томонидан кўриб чиқилмоқда.
Қайд этилишича, судланувчилардан 29 нафарига нисбатан “қамоққа олиш”, 15 нафарига нисбатан “гаров” ва 6 нафарига нисбатан “муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат” тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.
“Тергов органининг айблов хулосасига кўра судланувчилар Жиноят кодексининг 167, 168, 184, 185-2, 189, 205, 206, 28,209, 209, 211, 228 ва 243-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда”, дейилган Олий суд вакили хабарномасида.
“Дарё” нашри хабарига кўра, судда сўз олган адвокат Темур Раҳматов интернет нашрларининг бирида собиқ вазир Азиз Воитов иши судда кўриб чиқилиб, унинг 7 йилга қамалгани ёзилганини айтиб, журналистларни нотўғри ахборот тарқатаётганликда айблаган.
Ўз навбатида, судда раислик қилаётган судья Сардор Содиқов ОАВ вакиллари ҳамда адвокатларга мурожаат қилиб, судда шаффофлик таъминланиши лозимлиги, бироқ бу судланувчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол этмаслиги кераклигини таъкидлаган.
“Судда сўз олган ва исм-шаърифини айтмаган яна бир адвокат судда қатнашаётган журналистлар хорижликлар агенти бўлиши мумкинлигини айтиб, шу боис уларга судни ёритишни тақиқлаш кераклигини таклиф қилди. Бунга жавоб берган Сардор Содиқов ОАВ вакиллари суд мажлисига ҳужжат асосида киритилаётганини, уларнинг қайси ОАВ вакили экани масъулларга аниқ эканини билдирди”, дейилган нашр хабарида.
Собиқ вазир Азиз Воитов ва бошқалар иши юзасидан суд жараёни 6 сентябрь куни тушдан кейин давом этиши кутилмоқда.
Азиз Воитов ўтган йил декабрида ҳибсга олинган эди. У ҳибсга олинишидан икки ой олдин (2023 йил октябрида) қишлоқ хўжалиги вазири лавозимидан озод этилган. Воитовнинг ишдан бўшатилиши сабаби ўша пайтда расман очиқланган эмас.
44 ёшли Азиз Воитов Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён ҳукуматнинг коррупцияда айбланиб қамоққа олинган энг юқори мартабали мулозимларидан биридир. Аввалроқ Ўзбекистонда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ҳамда шаҳар ҳокими лавозимларида ишлаган Музаффар Солиев етти йилга қамалгани маълум бўлган.
Воитов 2020 йилнинг мартидан 2022 йил августигача ўша пайтда бош вазир ўринбосари, инвестиция, саноат ва савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. 2022 йил августидан 2023 йил октябригача қишлоқ хўжалик вазири бўлган. Сардор Умурзоқов президент администрацияси раҳбари лавозимидан озод этилганидан сўнг Воитов ҳам ишдан олинганди.