Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди блогер Миразиз Бозоровнинг ишини кўриб чиқа бошлайди. Суднинг илк мажлиси, Олий суд интерактив хизматлар порталида жойлаштирилган жадвалга мувофиқ, 20 январь куни соат 11.00 га белгиланган.
Мазкур очиқ суд мажлисига туман суди судьяси Сардорбек Содиқов раис этиб тайинланган.
Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми г-банди (Туҳмат) бўйича айбланаётган Миразиз Бозоров иши бўйича тўрт киши, жумладан Аброр Мухтор Алий тахаллуси остида фаолият юритадиган блогер ва Ислом цивилизацияси маркази ходими Аброр Абдуазимов ҳамда яна бир таниқли блогер Шуҳрат Мусаев жабрланувчи ўлароқ кўрсатилган. Судда М. Бозоровнинг айбдорлиги исботланган тақдирда, унга нисбатан БҲМнинг 300 бараваридан 500 бараваригача жарима ёки 360 соатдан 400 соатгача мажбурий жамоат ишларига жалб этиш ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш жазоси тайинланиши мумкин.
Блогер Миразиз Бозоров тармоқларда Ўзбекистон ҳукуматига қаратилган танқидлари ва ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи чиқишлари билан танилган.
Бозоров ўтган йилнинг 28 мартида Тошкентдаги уйи олдида қора ниқобли одамлар томонидан дўппослаб кетилгани ортидан бир ой касалхонада даволаниб чиққан. Блогерга ҳужумни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қатор халқаро ташкилотлар, шунингдек АҚШ ҳамда Британиянинг Ўзбекистондаги элчилари қоралаб чиққанлар ва ўзбек расмийларини ҳодиса юзасидан текширув ўтказишга чақирганлар.
М. Бозоров соғайиб чиқиши билан уй ҳибсига олинган. Унинг адвокати Сергей Майоров аввалроқ Озодликка айбловга блогернинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари асос қилиб олинганини айтган.
Блогер Бозоров тақдирига халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси томонидан ўтган йил октябрида ёйинланган ҳисоботда ҳам эътибор қаратилган эди.