Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида шахс вояга етмаган қизни қаршилигига қарамасдан, унга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракат содир этган 63 ёшли М. И. ушланган.
Тошкент шаҳар ИИББ маълумотига кўра, қўлга олинган шахс 8 ёшли қизчага нисбатан уятсиз ҳаракатларни 8 август куни соат 18.30 ларда Буюк ипак йўли кўчасидаги кўп қаватли уйлардан бирининг орқа тарафида содир этган.
ИИББ қайдича, ҳолат бўйича жабрланувчининг ота-онаси томонидан ички ишлар органларига ариза тушган эмас - гумонланувчи ижтимоий тармоқларда ҳодиса видеоси тарқалгани ортидан тутилган.
“Ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 129-моддаси ("Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш") билан жиноят иши қўзғатилган. Гумон қилинувчи процессуал тартибда ушланган. Тергов давом этмоқда”, дейилган Тошкент шаҳар ИИББ хабарномасида.