Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди 23 январь куни боғча тарбияланувчиларига тегажоғлик қилган 15 яшар Х. Ш. иши юзасидан ўз ҳукмини эълон қилган.
Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов тарқатган маълумотга мувофиқ, ёпиқ тарзда ўтказилган суд мажлиси ортидан Х. Ш. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, 6 йилга озодликдан маҳрум этилган. Суд ҳукмига кўра, у тайинланган жазони тарбия колонияларида ўтайди.
Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида жойлашган “Кўзмунчоқ” болалар боғчаси директорининг вояга етмаган ўғли 4 нафар тарбияланувчи қизалоққа тегажоғликда гумонланаётгани ҳақида Озодлик ўтган йилнинг май ойида хабар қилган эди.
Иддаога кўра, Х. Ш. тарбияланувчилар ухлаётган хонага кириб, олти яшар қизалоқларга тегажоғлик қилган. Ҳодиса ортидан боғча директори вазифасидан озод этилган.
Чилонзор тумани суди ҳукмидан келиб чиқилса, ўсмирга нисбатан илгари сурилган иддаолар маҳкама жараёнида исботини топган кўринади. Олий суд матбуот хизмати томонлар туман суди ҳукми юзасидан "қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақли" экани билдирилган.