Тошкентдаги “Илҳом” театрида ёнғин содир бўлди

Тошкентдаги "Илҳом" театрининг ёниб кетган қисми (театр жамоасининг Фейсбукдаги саҳифасидан олинган сурат)

Ўзбекистон пойтахти марказидаги “Илҳом” театри кўргазмалар залида 12 декабрга ўтар кечаси ёнғин содир бўлган. Бу ҳақда маълум қилган театр жамоаси ҳодиса юзасидан тергов ишлари олиб борилаётгани туфайли спектакллар намойиши камида икки ҳафтага тўхтатилишини билдирган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қайдича, Тошкентдаги Пахтакор кўчасида жойлашган “Илҳом” театрида ёнғин чиққани ҳақида маълумот шаҳар ФВБга тунги соат 03:34 да келиб тушган. Ҳодиса жойига етиб борган 4 та ёнғин-қутқарув экипажи ёнғинни 04:00 да ўчиришга муваффақ бўлишган.

“Ёнғин натижасида театр биносининг 1-қават холлининг 80 кв метр майдонда ички қисми ва жиҳозлари ёниб зарарланган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ”, дейилган ФВВ хабарномасида айни пайтда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланаётгани қўшимча қилинган.

“Илҳом” театри томошабинларни ёнғин оқибатлари бартараф қилинганидан кейин спектакллар намойиши давом этишига, аввалдан сотиб олинган чипталар эса театр ўз фаолиятини тиклаганидан кейин ҳам яроқли бўлишига ишонтирган.