Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида ҳар ойнинг бир иш куни давомида автомобиллар ҳаракатланишини қисқартиришга қаратилган “Автомобилсиз кун” лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги таклифни маъқуллаган.
Президент томонидан жорий йил 21 февралида имзоланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонда қайд этилишича, кенг жамоатчилик вакиллари ва экофаолларнинг бу таклифи “экологияга автомобиллар чиқинди газларининг зарарли таъсирини камайтириш учун” ўртага ташлаган.
Фармонда биноси “Тошкент шаҳрида жойлашган барча республика ва ҳудудий ижро этувчи ҳокимият органларининг раҳбар ва бошқа ходимлари жамоат транспортида иш жойига келиши орқали намуна кўрсатиб” бориши буюрилган.
Бу банднинг “тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилиши учун” Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Транспорт вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги масъул этиб тайинланган.
Президент фармони билан жорий йилнинг 1 мартидан эътиборан пойтахтда юк ташиш учун мўлжалланган, рухсат этилган тўла вазни 10 тоннадан юқори бўлган N2, N3 ва О4 тоифаларига кирувчи автотранспорт воситаларининг ҳаракати тиғиз вақт оралиқларида тақиқланиши ҳам кўзда тутилган. Мазкур чеклов махсус хизмат, шу жумладан, коммунал хўжалиги, ободонлаштириш ва Қуролли Кучларнинг юк транспорти воситаларига татбиқ этилмайди.
Ҳужжатда 2030 йилгача Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида “ЕВРО – 5” ва ундан юқори стандартларига мувофиқ бўлмаган автомашиналар эксплуатацияси босқичма-босқич чекланиши қайд этилган.