Тошкентдаги МЧЖ 7,5 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланган

Иллюстратив сурат

Тошкент шаҳрида катта миқдордаги электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган МЧЖ аниқланди.

“Ўзэнергоинспекция” матбуот хизматининг маълум қилишича, Яшнобод туманида жойлашган “К.И.” МЧЖ масъуллари электр ҳисоблагичга ташқи таъсир кўрсатиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган.

Ушбу қоидабузарлик натижасида электр таъминоти корхонасига 7 миллиард 528 миллион сўмлик зарар етказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

“Ўзэнергоинспекция” ўтган ҳафта Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги дарвоза ясаш цехи электр қурилмаларини тармоққа улаб, 1,1 миллиард сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани ҳақида маълумот ёйинлаганди.

Энергетика идоралари мамлакатнинг турли ҳудудларида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари ҳақида мунтазам ахборот бериб боради.

Тармоқ фаоллари эса соҳа масъулларига “балиқнинг боши”ни ҳам тозалаш, “катта ўғрилар”ни ҳам фош этиш кераклигини эслатиб келади.