Тошкентдаги мебель корхонасида чиққан ёнғин 1,5 соатда ўчирилди

Иллюстратив сурат

Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида жойлашган мебель корхонасида 18 сентябрь тонгида содир бўлган ёнғинни бартараф этиш учун 1,5 соат вақт сарфланган.

Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотига кўра, Олмазор туманининг Уста Ширин кўчасида жойлашган мебель ишлаб чиқариш корхоналарининг бирида ёнғин чоршанба куни соат 07:28 да чиққан. Ўт ўчирувчилар ёнғин чиққан манзилга соат 07:34 да етиб боришган.

Ёнғин қутқарув экипажлари томонидан ёнғин соат 07:58 да қуршаб олиниб, соат 08:56 да батамом ўчирилди”, дейилган бошқарма хабарномасида.

ФВБ вакиллари ёнғин натижасида “тан жароҳати олган ва вафот этган фуқаролар йўқ” йўқлигини билдиришган.

Айни вақтда ёнғин сабаби ва моддий зарари аниқланмоқда”, дейилган хабарномада.