Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган меҳмонхоналарнинг бирида 6 сентябрь куни ўтказилган “Pepsi Music Fest 2024” мусиқа фестивали чоғида оммавий тартибсизлик рўй берган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати маълумот тарқатган.
Хабарномада тартибсизликлар чоғида фуқароларнинг тан жароҳатлари олмагани айтилса-да, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода кекса ёшли бир неча шахс жабрлангани тилга олинган.
Озодлик тасарруфидаги айрим видеоларда балоғатга етмаган ўнлаб шахснинг фестиваль саҳнини бузиб ўтгани, уларга қаршилик кўрсатаётган Миллий гвардия ходимларини йиқитиб, саҳнага интилаётганини кўриш мумкин.
Воқеа гувоҳларига кўра, ўша куни Pepsi компанияси томонидан ташкил қилинган тадбир меҳмонлари – рэпперлар Маканн ва Хчо ўз хонишларини ижро этишган. Улар билан жонли кўришиш мақсадида саҳнага интилган балоғатга етмаган ўсмирлар оммавий тартибсизлик сабабчиларига айланишган.
Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати қайдича, 6 сентябрь куни Юнусобод туманида “Pepsi Music Fest 2024” мусиқа фестивалининг биринчи куни ўтказилган.
Соат 18:00 дан 22:20 га қадар бўлиб ўтган тадбирда кўплаб мусиқа ихлосмандлари йиғилган. Бироқ улар орасида бир нечта фуқаро, иддаога кўра, жамоат тартибини бузиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасдан, майда безорилик содир этган.
ИИО ходимлари томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида уларнинг шахси аниқланиб, 5 нафар вояга етмаган шахснинг ота-онасига Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддасига биноан маъмурий баённома расмийлаштирилган, қолган фуқароларга нисбатан тўпланган ҳужжатлар юзасидан терговга қадар текширув ўтказиляпти.
“Ўтказилган текширув жараёнида фуқаролар тан жароҳати олганлиги ҳақида хабар келиб тушмаганлигини маълум қиламиз”, дейилган ИИББ хабарномасида.
Ўтган йилнинг 7 декабрь куни Тошкентдаги Humo Arena мажмуасида қозоғистонлик қўшиқчи Jah Khalib концертига тарқатилган сохта чипталар туфайли оммавий тартибсизликлар келиб чиққан эди.
Ўшанда Humo Arena саройига етиб келган Миллий гвардиянинг махсус батальони аскарлари билан йиғилганлар орасида тўқнашув бўлиб, тартибсизлик иштирокчилари орасида пичоқбозлик бўлгани айтилган. Ўтган йил охирида Ўзбекистонда бошланган “кўчага қарши рейдлар”ни ҳам айримлар айнан шу воқеага боғлашган.
2024 йилнинг 31 март куни Хоразм вилояти Урганч тумани “Боғдорчи” маҳалласи ҳудудида 30 нафарга яқин фуқаро ўзаро гуруҳ-гуруҳ бўлиб муштлашишгани хабар қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, 9 нафар шахс эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган, шунингдек ҳодиса иштирокчиси бўлган яна 6 нафар шахс Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183- (Майда безорилик) ва 194-моддаларига (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) асосан 15 суткага қамалган.
Шу йилнинг 29−31 июль кунлари Андижон вилояти Хонобод шаҳрида ўтказилган “Дунё садолари” II халқаро миллий эстрада санъати фестивали доирасида ҳам бир неча безорилик ҳолати қайд этилган.