Жорий йилнинг 10 июнидан бошлаб Тошкент шаҳридан Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрига мавсумий автобус қатнови йўлга қўйилади.
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги қайдича, Иссиқкўл соҳилида жойлашган курорт шаҳарга қатнов Uzautotrans Service ширкатига қарашли Yutong русумли автобуслар билан ойнинг жуфт кунларида (кунора) амалга оширилади.
Автобус маҳаллий вақт билан соат 15:00 да Тошкент автовокзалидан йўлга чиқади ва 20 соатда Чўлпонотага етиб боради. 1060 километрга узанган йўл учун чипта нархи 300 минг сўм (шу кундаги МБ курси билан тақрибан 24 АҚШ доллари - таҳр.) қилиб белгиланган.
Хабарномада Uzautotrans Service ширкати Тошкент-Чўлпонота йўналиши бўйлаб буюртма қатновларини ҳам амалга оширишини қўшимча қилган.
Май ойи ўрталарида Транспорт вазирлиги бу йил 10 та янги халқаро автобус йўналиши очилиши режалангани ҳақида маълумот тарқатган эди. Булар Самарқанд – Бишкек, Бухоро – Бишкек, Бухоро – Остона, Самарқанд – Туркистон, Бухоро – Туркистон, Шаҳрисабз – Туркистон, Самарқанд – Душанбе, Бухоро – Душанбе, Тошкент – Уфа ва Тошкент – Краснодар йўналишларидир.
Бундан ташқари, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги шу йил февралида Қирғизистоннинг Tez Jet авиаширкати Ўш-Тошкент-Ўш ва Бишкек-Тошкент-Бишкек йўналиши бўйлаб мунтазам авиақатновларни амалга оширишга рухсатнома олганини маълум қилган эди.