Тошкентдан 2025 йилнинг ёзидан Қирғизистондаги курорт ҳудуд саналган Иссиқкўлга поезд қатнови йўлга қўйилади.
“Ўзбекистон темир йўллари” матбуот хизмати маълумотга кўра, Тошкент–Балиқчи йўналишидаги туристик поездлар қатнови Иссиқкўл йўналишида сайёҳлар оқимини ошириши кутилмоқда.
Поезд қатнови масаласи Ўзбекистон ва Қирғизистон темирйўл маъмуриятлари ўртасидаги учрашувда муҳокама қилинган.
МДҲга аъзо давлатлар темирйўл транспорти бўйича кенгашнинг 81-йиғилиши доирасида учрашган “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ бошқарув раиси З.Нарзуллаев ва “Қирғиз темирйўли” давлат корхонаси раҳбари А.Сакиев юк ташиш ҳажмини ошириш ва тариф чегирмаларини қўллаш масалалари юзасидан ҳам фикрлашган.
Шунингдек, икки давлат ўртасида кўмир, цемент ва бошқа маҳсулотларни ташишда “Темирйўлкарго” АЖ юк вагон паркларидан фойдаланиш ҳамда тарози хўжалиги объектларини таъмирлаш масалалари кўриб чиқилди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон пойтахтидан поезд қатнови йўлга қўйилиши режалаштирилаётган Балиқчи шаҳри Иссиқкўлнинг ғарбий қисмида жойлашган.
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги жорий йил 10 июндан Тошкент шаҳридан Иссиқкўл соҳилида жойлашган курорт шаҳар – Чўлпонотага мавсумий автобус қатнови йўлга қўйилганини маълум қилганди. 1060 километрга узанган, 20 соатлик йўл учун чипта нархи 300 минг сўм қилиб белгиланганди.