Тошкентдан Самара ва Волгоградга поезд қатнови июнь ойи охиридан тикланиши кутилмоқда

Россия Ўзбекистон билан темир йўл орқали йўловчи ташишни июнь ойи охиридан тиклашни режалаяпти. Бу ҳақда “Россия темир йўллари” ширкати маълумот тарқатди.

Ширкат қайдича, 23 июндан Тошкент — Самара йўналиши бўйича, 25 июндан эса Тошкент — Волгоград йўналиши бўйича йўловчи поездлари қатнай бошлаши кутилмоқда.

“Ўзбекистон темир йўллари” маҳаллий нашрларга Россияга поезд қатнови тикланишига оид маълумот яқин кунларда эълон қилинишини билдирган.

Аввалроқ Россия ҳукумати темир йўл орқали келаётган ўзбекистонликлар учун чекловлар 14 июндан бекор қилинишини очиқлаган.