Тошкентлик блогер Фозилхўжа Орифхўжаев 7,5 йилга қамалди

Фозилхўжа Орифхўжаев

Ижтимоий тармоқларда Аброр Мухтор Алий тахаллуси остида зиддиятли чиқишлари билан танилган Аброр Абдуазимов билан Тошкентдаги “Тўхтабой” масжиди олдида бўлиб ўтган тортишув ортидан қўлга олинган блогер Фозилхўжа Орифхўжаев 7,5 йилга қамалди.

Тошкент шаҳар судлари Telegram-канали тарқатган маълумотга мувофиқ, жорий йилнинг 26 январь куни жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судида 41 ёшли Ф. Орифхўжаев иши бўйича суд жараёни ниҳоясига етиб, ҳукм эълон қилинган.

Судья З. Нуриддинов раислигида юритилган суд ҳукмига кўра, судланувчи Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган ва унга нисбатан 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Хабарномада ҳукмдан норози тарафлар 20 кун ичида Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция тартибида шикоят беришлари ёки прокурор томонидан протест билдирилиши мумкинлигини билдирилган.

Орифхўжаев ўтган йилнинг 26 июнь куни юзма-юз сўзлашиш учун Абдуазимов ваъз ўқиётган Тошкентдаги “Тўхтабой” масжиди олдига борган. У ерда Орифхўжаев Абдуазимовни “иккиюзламачи” деб атаган.

28 июнь куни ички ишлар ходимлари Орифхўжаевни чақиртириб, уни майда безориликда айблашиб, ҳибсга олишган ҳамда уяли телефонини тортиб олишган. Ўша куни суд блогерни 15 суткага ҳибсга олиш тўғрисида ҳукм чиқарган.

Орифхўжаев жазо муддатини ўтаётганида адвокати Сергей Майоровга COVID-19 пандемиясини баҳона қилиб, у билан учраштиришмаган.

Диний эркинликларни назорат қилувчи Forum18 халқаро ташкилоти Ф. Орифхўжаев 15 кун ҳибсда сақланган пайтда қамоқхона маъмурлари унга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлишгани ҳақида хабар қилган.

13 июль куни – Орифхўжаев озод этилиши керак бўлган кунда унинг адвокати С. Майоров чақирилиб, мижозига “оммавий ахборот воситалари ёки телекоммуникация воситаларидан ёки Интернетдан фойдаланган ҳолда жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тарқатиш ёки кўрсатиш” айблови билан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинган.

Тошкент суди Орифхўжаевни ҳибсга олиш муддатини аввал уч ойга, кейинроқ 2021 йил 13 декабригача узайтирган.

Ўзбек расмийларининг дин бўйича сиёсати борасидаги танқидий чиқишлари билан танилган Фозилхўжа Орифхўжаев тақдири халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан диққат билан кузатиб борилмоқда. Хусусан, Human Rights Watch (HRW) ҳуқуқбонлик ташкилоти ўтган йил 9 декабрида расмийларни тошкентлик блогерга қўйилган “асоссиз” айбловларни бекор қилиш ва уни зудлик билан озод қилишга чақирган.

Халқаро ташкилотнинг шу йил 11 январида эълон қилинган ҳисоботида эса “Давлатнинг диний идораси назоратидан ташқарида ўз эътиқодига эга бўлган мусулмонлар сохта диний экстремизм билан боғлиқ жиноий айбловлар нишонига айланди. Июнь ойида полиция ҳукуматнинг очиқ танқидчиси Фозилхўжа Орифхўжаевга экстремизм билан боғлиқ айбловлар қўйди ва уни уч ойга тергов ҳибсхонасига жўнатди”, дейилган эди.

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди ўтган ҳафта тошкентлик блогер Миразиз Бозоровга нисбатан 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинлаш ҳақида ҳукм чиқарган. Расмий маълумотларга кўра, блогер Бозоров устидан даъво аризаси ёзган тўрт шахснинг бири ҳам Аброр Абдуазимов (Аброр Мухтор Алий) бўлган.