Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб “Мовий гумбазлар” хиёбонида барпо этиладиган “Истиқлол” мажмуаси бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан танлов эълон қилингани аҳоли орасида норозиликка сабаб бўляпти. Улар мажмуа қурилиши чоғида хиёбондаги кўп йиллик дарахтларга зарар етишидан хавотирдалар.
Ҳокимлик эълони ортидан ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида хиёбондаги дарахтларни сақлаб қолиш чақириқлари янграй бошлаган, 4 февраль куни эса бир неча фуқаро “Мовий гумбазлар” ресторани олдида флешмоб уюштирган.
Хиёбондаги дарахтларни сақлаб қолиш мақсадида қўлида тегишли лавҳа билан суратга тушиб, интернетга жойлаштириш таклифи Экология партияси аъзоси ва Тошкент шаҳар ҳокимияти қошидаги жамоатчилик кенгаши аъзоси Абу-Али Ниёзматовдан чиққанди.
“Истиқлол” мажмуаси қурилиши чоғида дарахтлар асралиши кераклиги ҳақида Ўзбекистон президентининг қизи Саида Мирзиёева ҳам ўз Телеграм-канали орқали мулоҳаза билдирган.
“Шаҳар жамоат жойлари, айниқса яшил боғ ҳудудлари муҳофаза қилиниши, асралиши ва кенгайтирилиши лозим. Жамоат ва шаҳар аҳолисининг фикрини эътиборга олмасдан уларни тубдан ўзгартириш мумкин эмас”, деб ёзган С. Мирзиёева.
Бу каби эътирозлар ортидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги жамоатчиликни хиёбондаги дарахтларга шикаст етмаслигига ишонтиришга уринган.
“Майдондаги кўп йиллик манзарали дарахтларни сақлаб қолган ҳамда ҳозирги хиёбон фаолиятига таъсир қилмаган ҳолда юртимиз тарихи, мустақиллик йилларидаги ютуқларимиз, миллий ўзига хослигимизни намоён этувчи мажмуани барпо этиш эълон қилинган танлов шартларида алоҳида кўрсатиб ўтилган. Бугундан эътиборан Тошкент шаҳар Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан “Истиқлол” мажмуаси барпо этилиши белгиланган ҳудуддаги барча дарахтлар хатловдан ўтказилади ва муҳофазага олинади”, дейилган ҳокимликнинг 4 февраль куни тарқатилган баёнотида.