АҚШ президенти Дональд Трамп Рождество байрами арафасида – 23 декабрь куни турли жиноятларда айбланиб, қамалган 26 кишини афв қилди. Улар орасида махсус прокурор Роберт Мюллер томонидан юритилган Россиянинг АҚШдаги президент сайловига аралашувига оид тергови билан боғлиқ иш бўйича судланган Пол Манафорт ва Рожер Стоун ҳам бор.
Ҳозир 71 ёшда бўлган Пол Манафорт терговдаги марказий фигуралардан бири бўлган. Сиёсий технолог 2016 йили бир неча ой Трампнинг сайлов штабига раҳбарлик қилган, бироқ сайловга етмай бу лавозимни тарк этган. Мюллер тергови натижасида Манафорт Россия аралашуви билан бевосита боғлиқ бўлмаган турли молиявий жиноятлар учун 7,5 йилга қамалган. У панжара ортида 2 йилга яқин ўтирган. Манафортнинг айбдорлигига доим шубҳа билдириб келган Трамп уни “жасур одам” ҳамда “ажина ови” қурбони, деб атаган.
АҚШ президенти ўз маслаҳатчиси Рожер Стоунни ҳам афв қилган. У Россия аралашувига оид тергов чоғида турли жиноятлар, шу жумладан ёлғон кўрсатма бергани учун 40 ойга озодликдан маҳрум этилганди. Трамп назарида, бу одам ҳам сиёсий сабабга кўра таъқибга учраган.
Аввалроқ президент Мюллер тергови ортидан қамалган ёки айбланганлардан яна бир қанчасини афв қилганди. Улар орасида Россия элчиси билан ўтказган музокараларига оид саволга ёлғон жавоб бергани учун судланган генерал Майкл Флинн ҳам бор эди.
Трамп штабидаги судланган ходимлардан ҳеч бири Россия билан тўғридан-тўғри тил бириктирганликда айбланган эмас.
Трампнинг сиёсий мухолифлари унинг афв тўғрисида қабул қилган қарорларини қоралаганлар, Нью-Йорк штати прокуратураси эса Манафортга қарши Россия аралашуви билан боғлиқ бўлмаган бошқа жиноят ишлари терговини қайта бошлашини билдирган.