АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп АҚШ Давлат котиби раҳбари лавозимига Флорида штатидан сенатор бўлган Марко Рубио номзодини кўрсатди. Бу ҳақда Трампнинг ўтиш даври командаси томонидан тарқатилган баёнотда айтилган, дея хабар қилди Associated Press агентлиги.
“У халқимизнинг кучли ҳимоячиси, иттифоқчиларимизнинг содиқ дўсти ва душманларимиз олдида ҳеч қачон чекинмайдиган довюрак жангчи бўлади”, дея иқтибос келтирган агентлик Трамп баёнотидан.
Рубио Сенатда разведка бўйича қўмита раҳбарининг ўринбосари лавозимини эгаллаб келади. У халқаро алоқалар бўйича қўмита аъзоси ҳамдир. Рубио Хитой, Куба ва Эроннинг ашаддий танқидчиси бўлиб ҳисобланади.
Сенатор Конгрессда апрель ойида қабул қилинмиш Украинага 61 миллиард доллар миқдоридаги ҳарбий ёрдам пакетига қарши овоз берган 15 нафар республикачининг бири бўлган. Айни пайтда сентябрь ойида Рубио Россия томонида эмаслигини, бироқ ўзаро жанг қилаётган томонлар ўртасида музокаралар тарафдори эканини билдирган.
АҚШ Миллий разведкаси директори лавозимига Трамп Конгресс Вакиллар палатасининг Гавайи штатидан бўлган собиқ аъзоси Тулси Габбард номзодини таклиф қилган. Аввалроқ у Демократик партия аъзоси бўлиб, 2020 йилдаги президентлик кампаниясида иштирок этган, кейин эса республикачиларни дастаклай бошлаган.
Габбард демократларни урушни чўзаётганликда айблаб ва Киевга қурол-аслаҳа етказиб берилаётганини қоралаб, президент Жо Байденнинг Украина бўйича сиёсатини танқид қилиб келган.
Бош прокурор лавозимига сайланган президент Флоридадан бўлган конгрессмен Мэтт Гетц номзодини илгари сурган.
“У жиноий ташкилотларни йўқ қилади ва америкаликларнинг Адлия вазирлигига нисбатан анча путур етган ишончини қайта тиклайди”, дея урғулаган Трамп.
АҚШнинг сайланган президенти ўз маъмуриятида мудофаа вазири сифатида Fox News шарҳловчиси ва армия фахрийси Пит Хегсетни кўришни исташини билдирган. Трампга кўра, у Пентагоннинг амалдаги “прогрессив” раҳбариятига қарши чиқишлар қилиб келади.