АҚШ президенти Дональд Трамп 11 февраль куни федерал хизматларга штатларни сезиларли даражада қисқартириш режаларини тайёрлашни топширувчи фармонни имзолади.
Президентнинг янги фармонида давлатнинг барча вазирлик ва бошқармаларида ходимлар сонини “кенг кўламда қисқартириш” зарурлиги ҳақида айтилган − бундан ҳуқуқ-тартибот фаолияти учун жавобгар муассасалар ва иммиграция хизматлари мустасно, холос.
Дональд Трамп томонидан тузилган ва миллиадер Илон Маск етакчилик қилаётган Давлат бошқаруви самарадорлиги департаменти (DOGE) режасига мувофиқ, сезиларли даражада маблағларни тежашга эришиш учун давлат хизматчилари сонини 5 фоиздан 10 фоизгача қисқартириш зарур.
Саккиз ой давомида маош ва бошқа имтиёзларни сақлаб қолган ҳолда ўз ихтиёри билан ишдан бўшаш тўғрисида Оқ уй томонидан январь ойида эълон қилинган таклифга давлат хизматчиларининг 2 фоизга яқинигина жавоб берган.
Дональд Трамп давлат тузилмаларидаги ходимлар сонини белгилаш бўйича DOGE’га катта ҳуқуқлар берган. Раҳбарлик лавозимларига ҳар қандай тайинлов DOGE вакили маъқуллови билан амалга оширилиши лозим. Илон Маск ходимларига муассасаларнинг раҳбар лавозимларни ташкил қилиш ёки сақлаб қолиш бўйича илтимосларини рад этиш ҳуқуқи берилган.
“Одамлар давлат бошқарувидаги йирик ислоҳотлар учун овоз беришди ва бу улар оладиган нарсадир. Бу демократия деганидир”, дея билдирган Илон Маск Оқ уйда президент Трамп билан бирга ўтказилган брифинг чоғида.
Президент Трампнинг давлат хизматчилари сонини қисқартириш уринишлари судларга кўплаб даъво аризалари берилишига сабаб бўлди. Даъвогарлар президентнинг кўплаб фармонлари қонуний эканига қарши чиқишмоқда. Судлар бу фармонлардан айримларининг амалини тўхтатиб қўйган, улар орасида Дональд Трампнинг АҚШ халқаро тараққиёт агентлигини (USAID) ёпиш тўғрисидаги фармони ҳам бор.