Трамп: Маск давлат бюрократиясини қисқартириш билан шуғулланади

Дональд Трамп ва Илон Маск сайловолди митингида (архив сурати)

Тадбиркорлар Илон Маск ва Вивек Рамасвами шишиб кетган давлат аппаратини қисқартириш ва қайта ташкил этиш мақсадида тузилажак янги муваққат тузилмага етакчилик қилишади. Бу ҳақда АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп 12 ноябрь куни маълум қилди.

Дональд Трампга кўра, икки тадбиркор давлат хизматларида “радикал ўзгаришлар” ташаббуси билан чиқиши керак бўлган “Ҳукумат самарадорлиги бўйича бошқарма”га масъул этиб тайинланган.

Бюрократияси камроқ бўлган янада самаралироқ ҳукумат Мустақиллик декларациясининг 250 йиллигига америкаликлар учун ажойиб совға бўлади”, дейилган Дональд Трампнинг баёнотида.

Янги бошқарманинг мақсади, Трамп қайдича, “давлат бюрократияси демонтажи, ҳаддан зиёд регуляцияни камайтириш, самараси бўлмаган харажатларни камайтириш ва федерал хизматларни қайта ташкил этиш”дан иборатдир. Бошқарма 2026 йил июлига бориб ўз фаолиятини тугатиши лозим.

SpaceX ва Tesla ширкатлари асосчиси Илон Маск ҳамда Roivant Sciences фармацевтика ширкати таъсисчиси Вивек Рамасвани давлат харажатларини қисқартириш ҳамда иқтисодиётда давлатнинг бошқарувчилик ролини камайтиришга оид чақириқлари билан танилишган.

Маск сайланган президентга давлат бюджетини 2 триллион долларга қисқартиришда ёрдам беришга тайёрлигини билдирган. Тадбиркор бу ишни қай йўл билан амалга оширмоқчи экани номаълум. Айни пайтда иқтисодчилар Трампнинг солиқларни қисқартиришга оид ваъдаси давлат қарзи кескин ошиб кетишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқдалар.

Сайланган президентнинг баёнотида янги тузилмага оид ҳеч қанақа тафсилот йўқ, у ерда бошқарма “ҳукуматдан ташқарида” фаолият олиб боришига оид жумла бор, холос.