АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп 13 январь куни президентлик лавозимига киришганидан (20 январь) кейин “жуда тез орада” Россия президенти Владимир Путин билан учрашиш нияти борлигини билдирди.
“Мен бу ишни эртароқ ҳам қилган бўлардим, бироқ <...> офисга кириб олиш керак. Айрим ишлар учун у ерда бўлиш шарт”, деган Трамп Newsmax’га берган интервьюсида.
Россия билан Украина ўртасидаги урушни якунлаш стратегияси ҳақидаги саволга Трамп “стратегия битта ва у Путинга боғлиқ”, дея жавоб берган.
“Мен бўлаётган ишларнинг ҳаммасидан унинг боши осмонда, дея тасаввур қилолмайман, чунки унинг учун ҳам ишлар унча ўнгидан келаётгани йўқ”, дея қайд этган АҚШнинг сайланган президенти.
Дональд Трамп 2024 йилнинг ноябрида бўлиб ўтган президент сайловидаги ғалабасидан кейин Россиянинг Украинага қарши урушини якунлаш учун Владимир Путин билан учрашиш нияти борлигини билдирган. Сайловолди кампанияси чоғида Трамп бу ишни “24 соат” ичида ва ўз инаугурациясигача амалга оширишни ваъда қилган, бироқ бунга оид ҳеч қанақа тафсилот келтирмаган эди. 7 январь куни Флоридада ўтказилган матбуот анжуманида Трамп жанговар ҳаракатларни тўхтатиш учун олти ой муддат реалроқ бўлишини айтган.
АҚШ президентининг Миллий хавфсизлик бўйича бўлажак маслаҳатчиси Майк Уолц 12 январь куни Трамп яқин кунлар ёки ҳафталар ичида Россия президенти билан телефон орқали мулоқот ўтказишини билдирган. Уолцга кўра, бу мулоқот Трамп ва Путин саммити учун илк қадам бўлади, мазкур саммитга ҳозирлик эса аллақачон бошланган.
Кремль вакиллари Путин Трамп билан учрашишга тайёр эканини тасдиқлашган, бироқ икки лидернинг муҳтамал музокараларини уюштириш бўйича ҳозирча ҳеч нарса аниқ эмаслигини маълум қилишган.