АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп президентлигининг илк кунидаёқ “трансгендер телбалиги”ни тўхтатишга ваъда берди.
“Мен болаларни жинсий жиҳатдан майиб этилишини тўхтатиш ҳақидаги фармонни имзолайман, армиядаги ҳамда бошланғич, ўрта ва юқори мактабларимизда трансгендерлик сиёсатидан воз кечаман”, деган Трамп Аризона штати маркази Фениксда ўтказилган ёш консерваторлар тадбирида. Унинг сўзларини Франс Пресс агентлиги келтирган.
У “эркакларни аёллар спортига қўймаслик”ка ҳам ваъда бериб, “Қўшма Штатлар ҳукумати расман фақат иккита жинс – эркак ва аёл жинсини тан олиши”ни қўшимча қилган.
Трамп АҚШ тарихида депортация бўйича энг йирик амалиётни бошлашини ҳам билдирган.
“Оқ уйдаги илк кунимда чегараларимизни ноқонуний мигрантларга ёпиш ва мамлакатимизга бостириб кирилишини тўхтатиш учун қатор тарихий ҳужжатларни имзолайман. Шу куннинг ўзида биз депортация бўйича Америка тарихидаги энг йирик амалиётни бошлаймиз”, дея қайд этган АҚШнинг сайланган президенти.
Трамп АҚШнинг Панама канали устидан назоратини тиклаш бўйича ваъдасини ҳам такрорлаган.