АҚШ президенти Дональд Трамп яна бир бор янги валюта яратиб, доллардан воз кечишга уринаётганлик учун БРИКСга аъзо мамлакатларга юз фоизли бож киритиш билан таҳдид қилди.
“АҚШ БРИКС мамлакатларидан янги валюта яратмаслик ва доллар ўрнига ҳеч қанақа бошқа валютани дастакламасликни талаб қилади”, деб ёзган Трамп TruthSocial ижтимоий тармоғида.
Унга кўра, “БРИКС халқаро савдода АҚШ долларини бошқа валюта билан алмаштиришига ҳеч бир имкон йўқ”, бу ишни қилишга уринган ҳар қанақа мамлакат эса “бож билан саломлашиб, Америка билан хайрлашиши лозим бўлади”.
Худди шунга ўхшаш баёнотни Трамп ноябрь ойи охирида − президент сайловидаги ғалабасидан бир неча ҳафта кейин эълон қилган эди.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков БРИКСда умумий валюта яратиш ҳақида гап кетмаётганини билдирган.
“БРИКСда учинчи мамлакатларга биргаликда инвестицияларни, ўзаро инвестицияларни ва ҳоказоларни амалга оширишга имкон берадиган янги қўшма инвестицион платформалар яратиш ҳақида гапиришмоқда, мана гап нима ҳақида боряпти”, деган Песков.
2023 йили Россия молия вазири Антон Силуанов БРИКС мамлакатлари долларга муқобил бўлган ягона ҳисоб-китоб бирлигини яратиш имконини кўриб чиқаётганларини билдирган эди. Бу масала ўша йили Йоханнесбургда бўлиб ўтган БРИКС саммитида ҳам муҳокама қилинган.
Россия президенти Владимир Путин 2024 йили “Валдай” форумида БРИКС мамлакатлари иқтисодиётлари бундай валютагга тайёр эмаслигини билдирган. Бу баёнотгача эса сентябрь ойида бўлиб ўтган Шарқий иқтисодий форумда у Россия дедолларизацияга интилмаётганини айтган.
“Ахир биз долларда ҳисоб-китоб юритишдан бош тортганимиз йўқ-ку. Бизга “йўқ” дейишди, шунинг учун биз шунчаки бошқа имкониятлар қидиришга мажбурмиз”, деган Путин.