“Ўзбекистон 24” телеканалида камбағалликдан чиқариш бўйича Хитой тажрибаси тадбиқ этиладиган 14 туман маълум қилинди. Бу туманларда йўл-транспорт, электр, алоқа ва туризм инфратузилмасини яхшилаш, кичик ва ўрта шаҳарларни ривожлантириш, маҳаллаларни саноатлаштиришга эътибор қаратилади.
Расман билдирилишича, дастурни тадбиқ этиш учун Қорақалпоғистонда Бўзатов, Андижонда Пахтаобод, Бухорода Вобкент, Жиззахда Дўстлик, Қашқадарёда Шаҳрисабз, Навоийда Навбаҳор, Наманганда Чуст, Самарқандда Булунғур, Сирдарёда Ховос, Сурхондарёда Жарқўрғон, Тошкент вилоятида Ўрта Чирчиқ, Фарғонада Ёзёвон, Хоразмда Урганч ва Тошкент шаҳрида Чилонзор туманлари танлаб олинган.
Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятидаги биттадан туманда Хитой тажрибаси асосида камбағалликдан чиқариш бўйича алоҳида дастур амалга оширилиши ҳақида президент Шавкат Мирзиёев 10 май куни ўтган йиғилишда билдирган эди. Бу дастур муваффақиятли амалга оширилса, 2024 йилдан бери тажриба мамлакатнинг барча ҳудудларига жорий этилиши билдирилган.
2022 йил 5 февраль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой раиси Си Цзиньпин Пекиндаги учрашувда камбағалликка ва коррупцияга қарши курашиш борасида Хитой тажрибасини ўрганиш ҳамда уни жорий қилишга келишиб олганди.
2021 йилнинг апрелида Хитой ҳукумати камбағаллика қарши курашдаги тажрибасини тарғиб қилувчи “Камбағаликка қарши кураш: Хитой тажрибаси” номли китобни чоп этган эди.
Мазкур китобда қайд этилишича, Хитойда қишлоқларда қашшоқлик даражасида яшаётган 98 миллион 990 минг аҳоли, 832 уезд ва 128 минг қишлоқ 2020 йилга келиб қашшоқликдан чиқарилган. Шунингдек, қишлоқларда яшовчи 700 миллион аҳоли камбағалликдан чиқарилди.
Бу борадаги манбаларда айтилишича, қашшоқликдан чиқариш дастурининг асосий моҳияти “диққат марказида -халқ” деган тамойил бўлган. Мазкур тамойил доирасида аҳолининг кам таъминланган тоифасига адресли кўмак кўрсатилган.
Бундан ташқари аҳолининг заиф қатлами, жумладан, аёллар, болалар, қариялар ва имконияти чекланганларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашга, гендер тенглигига алоҳида аҳамият қаратилган.
Аҳолининг қашшоқ қатламини ижтимоий ҳимоялаш ва қашшоқ хўжаликларга махсус субсидиялар берилган. Соғлиқни сақлаш ва таълим тизими сифати инвестициялар жалб қилиш орқали яхшиланган.