18 сентябрда Озодлик Тошкент марказидаги Brand 910 клубида жиноят оламининг ўнлаб вакиллари "сходка"си (учрашуви) бўлиб ўтгани ҳақида хабар беришидан бир кун ўтиб, Тошкент шаҳар Ички Ишлар Бошқармасининг бир гуруҳ ходимлари айни клубни босган.
Бу ҳақда Озодликка исми сир қолиш шарти билан Тошкент шаҳар ИИБ зобити маълум қилди.
Айни маълумотни Озодликнинг "жиноят олами"га яқин манбаси ҳам тасдиқлади.
Текширув
Тошкент ИИБси зобити сўзларига кўра, милиция ходимлари тунги клубда тинтув ўтказишган, клуб хизматчиларини бир неча соат давомида сўроқ қилишган ва клубнинг назорат камераларига ёзилган тасвирларни олиб кетишган.
“19 сентябрда клубни бирдан босишган ва у ерда ишлаган официанткалар, барменлар ва иш юритувчиларни бирма-бир сўроқ қилишган. Кейин, камера наблюдениега ёзилган видеоларни олиб кетишган,” деди ички ишлар ходими.
"Жиноят олами"га яқин Озодлик манбаси ички ишлар ходими берган хабарни тасдиқлади.
Воқеа жойига 25 октябрда борган Озодлик мобиль мухбири Brand 910 клубининг ҳозир ҳам ёпиқ қолаётганини айтди.
Клуб ходимларидан бирининг маълум қилишича, клуб 30 октябрга қадар "профилактика муносабати билан" беркитилган.
"Сходка"
Озодлик айни клубда 16 сентябр оқшомида Тошкент шаҳрига янги "смотрящий"ни тайинлаш масаласи муҳокама қилингани ҳақида хабар берганди.
Мазкур "сходка" (Озодлик изоҳи - "жиноят олами" вакилларининг норасмий учрашуви), Тошкент шаҳри “смотрящий”си (жиноят дунёсининг ҳудуд бўйича фавқулодда вакили) Аббос Ходжаевнинг ҳибсга олинишидан уч кун ўтиб уюштирилган.
Героин топилдими ёки ташланди?
33 яшар Аббос Ходжаев, Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси тарқатган хабарга кўра, 0,34 грам героин моддасини сотишга уринишда айбланмоқда.
Тошкент шаҳари Ички ишлар бош бошқармаси хабарда таъкидланишича, Аббос Ходжаевга нисбатан ҳозирда пойтахтнинг "Миробод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситаларини кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотишга уриниш) аломатлари билан жиноят иш қўзғатилган."
Аммо, яқинларидан бирининг иддао қилишича, Аббос Ходжаевни ҳибсга олиш пайтида милиция ходимлари унинг чўнтагига героин моддасини солиб қўйишган.
"Героинни солаётган пайтида даже камерагаям (Озодлик изоҳи - видео назорат камераси) тушган экан. Бу видео олинган. Аммо кимнинг қўлидалиги маълум эмас," деди Аббос Ходжаев яқинларидан бири.
Озодликнинг Аббос Ходжаев адвокати билан боғланиш уриниши натижа бермади.
Аббос Ходжаев ҳибсга олинган куннинг ўзида¸Тошкент ИИБ ходимининг айтишича, Ўзбекистонда "вор в законе" рутбасига эга бўлган Бахти Ташкентский ва Бахти Янгиабадский номи билан танилган криминал авторитет Бахтиёр Қудратуллаев ҳам милиция бўлинмасида тўрт соат давомида сўроқ қилинган ва сўнгра қўйиб юборилган.
"Жиноят олами" вакилларини тутиш амалиётига шахсан Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Улуғбек Турсунов раҳбарлик қилмоқда.
Полковник Улуғбек Турсунов президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич куёви Ойбек Турсуновнинг акасидир.